Даврон Кабулов 20 йил оилада берилмаган тарбия “Миллион”нинг концертида бузилмаслигини айтди


Автор: admin / Дата: 27-12-2016, 16:33 / Просмотров: 1 616

Даврон Кабулов “Миллион” жамоаси ҳақидаги танқидларга жавоб берар экан, “20 йил оилада олинмаган тарбия икки соат ичида бузилишига сиз ишонасизми? Мен ишонмайман”, деди.

“Миллион” жамоасининг жорий йил “Истиқлол” санъат саройида тақдим этган концерт дастури тасвири туширилган дисклар сотувга чиқдию яна тин олган гаплар аланга олди. “Миллион” савиясиз, бу концертни оила даврасида кўриб бўлмайди, “Ўзбекнаво” қаерга қараяпти...” Охири кўринмас ва аниқ таҳлилсиз, юзаки айтилган танқидлардан чарчаган жамоа аъзо Даврон Кабулов Facebook ижтимоий тармоғидаги “Maslahat.uz” гуруҳи аъзоларига юзланиб, бирор кун учрашиш таклифини билдирди, ўринли танқидларни инобатга олишини ёзиб қолдирди.
 
Кабуловнинг танқидларни инобатга олиши ҳақидаги гаплари кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига чегараланмаган эрк берди чоғи, кўплар оғзига келганини айтди. Уларнинг аксариятида танқидга эмас, ғийбатга ўхшаши Даврон Кабуловнинг ҳам эътирозига сабаб бўлди.
 
Орадан кўп ўтмай гуруҳнинг маъмурлари Даврон Кабуловнинг мулоҳазаларини ўчириб юборди. Унда телебошловчи шундай ёзган эди.
 
“Ассалому алайкум! “Миллион” жамоаси ҳақида ёзилган постни ўқиб, муносабатимни билдиришга қарор қилдим. Кимгадир оғир ботса, эриш туюлса, маъзур тутасиз...
 
Аввало, вақт кетказиб миллат, унинг ёшлари, келажаги, санъатимиз аҳволи ҳақида куюнчаклик билан ёзган муаллифга ва бефарқ қарамай муносабатини билдирган ҳаммага раҳмат! Чин дилдан. Зеро, танқид эртанги ҳосилимиз, бугундан яхшироқ бўлишга ундовчи сабабимиздир.
 
Шу билан бир қаторда танқид асосли экани ва конструктивлиги билан хам ажралмоғи даркор. Бошқача айтилса, яхши танқид ичида таклифи билан бўлади.
 
Изоҳлардан роса кидирдим – тополмадим: айнан фалончи хазилингизда хакоратли сузлар ишлатилган, пистончи саҳна кўринишидаги мана бу уятсиз жумлани мана бу кўринишда ишлатсаларинг – ҳам кулгили, хам маънавиятимизга айни мос чиқарди, деган жойини. Хафа бўлиш йук, ҳаммаси умумий, аксари бефойда, шубҳа борки айримлари ғаразли “танкид”лар. Ёшлар тарбиясини бузяпти “Миллион” (1), оилавий кўриб бўлмайди (2), кулгу санъатини жарга етаклашяпти (3)...
 
1) 20 йил оилада олинмаган тарбия икки соат ичида бузилишига сиз ишонасизми? Мен ишонмайман. Фарзандимни қўлидаги смартфонда қанақа видео, Telegram’ида қандай суратлар борлигидан тўла хабардорман, деб айта оласизми? Кўздан кечириб, “Миллион” бу файлларнинг олдида “Одобнома” экан деган хаёлга бормоқчи эмасмисиз мабодо?
 
2) Оилавий кўриш учун 11 та давлат телеканали, ўнлаб хусусий каналлар бор. Ҳисоблаб чиқсангиз 600 дан ошиқ кўрсатув санайсиз. Ким халақит беряпти шуларни яқинлар даврасида ма-а-азза қилиб кўришингизга? Фақат “Миллион”га келганда оиланинг ғамини еяпсизми? Келинг, нимадир қилиб футболни аёллар учун ҳам қизиқарли қилиш таклифи билан ФИФАга чиқамиз, оилавий кўролмаймизку, “МЮ” – “Арсенал” бошланган заҳоти оналар, сингиллар чиқиб кетишади-ку! +18 ечим эмас: такикланган нарсага болалар ва ёшларда қизиқиш икки ҳисса юқори бўлади (психологлардан сўранг).
 
Кейин, биз чипталарни тарқатмаймиз – сотамиз. Бирон марта кўрмаган томошасига фалон минг сўмга билет харид килмайди мухлис, қаерга кетаётганини билади. Рафиқаси, фарзанди билан келибдими, демак, уларни шу руҳдаги ҳазилларга тайёр ҳисоблайди. Шундайларни пойлаб, “Истиқлол” эшиги тагидан қайтариб юборишга ақлингиз етадими? Меники етмайди (“уятсиз жумла” деб ёзинг шуни ҳам).
 
3) “Миллион”, шунча айби етмагандек, қизиқчилик санъатинини таназзулга етаклаётганмуш. Аския санъат-у, бизники шармандагарчилик. Икки соат аския дискини топиб кўринг, худди шунча вақт “Миллион”ни кузатинг: қайси бири уятсизроқ, кайси бирида белдан пастга ишора кўпроқ? Ҳожибой Тожибоев (Аллоҳ рахматига олган булсин) кучли сўз усталаридан бири эдилар. Лекин, бир нарсани тушунинг, биз Ҳожибой Тожибоев бўлмоқчи эмасмиз. Шоҳруҳхон, Жасур Умиров, Улуғбек Раҳматуллаевларни ёппасига Шерали Жўраевга ўхшаларинг, дея олмаганингиздек, ўзига йўл танлаган “Миллион”ни 20-30 йил аввалги форматга қайтариш имконсизлигини тушуниш зарур, назаримизда”.
 
Даврон Кабулов “Миллион” жамоаси бўлаётган танқидларга нисбатан кескин ва очиқ фикрларини баён этар экан, танқидларга қўшимча тарзда таклифларни ҳам қабул қилишини, агар таклифлар берилса, жамо ўз устида ишлашини, камчиликларни бартараф этишини ҳам маълум қилган.
 
“Бу гапларнинг бирортаси “Миллион” мукаммал кўринишда”, деган фикрга ишора эмас. Зинҳор! Кайси йуналишда, кандай ҳазиллар билан кўпроқ ишлашимиз кераклигини биламиз, тавсиялар бўлса эшитамиз, таклифларни қабул қиламиз. “Миллион2нинг савиясини кўтаришга тайёр барчани янги йилнинг дастлабки кунларида бир пиёла чой устидаги мулоқотга таклиф қиламан. Ҳам кайфиятни кўтарувчи, ҳам андишали ҳазиллар, ғоялар билан келасизми? Ёдингиздан чиқарманг, биз ҳам шу халқнинг болаларимиз – фарзанднинг хатти-ҳаракати ёмон бўлса, ер билан битта қилинмайди, бўғиб ўлдирилмайди: йўлга солинади...
 
+998911912323га телефон қилиб исм-шарифингиз ва телефон рақамингизни қолдиринг, январь ойининг бошларида чақирамиз”, деб ёзади “Миллион”чи Кабулов.
 
“Миллион” жамоаси 2,5 ярим йиллик танаффусдан сўнг саҳнага қайтди, концерт берди. Тўғри, концертда кулгига олинган вазиятларда бачканалик бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай ҳазил ортида ҳам айтилиши керак бўлган ҳақиқат ётади. “Миллион”чилар ҳар йилги концертларидан фарқли ўлароқ, бу йил айтар гаплари билан чиқишди, саҳна кўринишларининг ҳар бири моҳиятида ўша жиддий гап ётганди. Буни эса ким пайқади ким эса йўқ. Ҳолбуки, кулдириш экан, деб саҳнага нима тўғри келса шуни олиб чиқаётганлар талайгина. “Миллион”дан кейин концерт қўйганлар шармандаликда “Миллион”дан ўтса-ўтдики, қолгани йўқ. Лекин нега уларга кўз юмаяпмиз... Гап танқидга бориб тақалганда, отилган тош доим манзилнинг бошида турганларга тегиши керакми? Хулоса ўзингиздан. 
скачать dle 12.1