“Азиза Ниёзметовага ҳатто мақтов ёрлиғи ҳам беришмаган” – Шоира Рауфбоева


Автор: Sevara / Дата: 17-10-2018, 19:26 / Просмотров: 357

Шоира Рауфбоева хонанда Азиза Ниёзметова фаолияти давомида лоақал битта мақтовномага лойиқ кўрилмаганини ёзди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 октябрь куни хонанда Азиза Ниёзметова 46 ёшида оламдан кўз юмди. У кеча, 16 октябрь куни ўзи туғилиб ўсган Хоразмга дафн этилди.
 
Оғир хасталикдан кейин ҳаёт билан видолашган Ниёзметовани кўпчилик яхши хотиралар билан эслайди. Ким билан гаплашмайлик, унинг мард, танти, одамларга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр аёл бўлганини айтади. Журналист Шоира Рауфбоева ҳам унинг бу ҳислатларига алоҳида урғу бериб, фаолияти давомида лоақал битта мақтовномага лойиқ кўрилмаганини ёзди.
 
“Санъат оламига “Кишмиш қўшиб, бол бераман...”, деб яхши ниятлар билан кириб келгандинг. Шоу-бизнес сенга оқибат қилмади. Қилган меҳнатларинг учун бир парча қоғозни ҳам раво кўришмади. Ҳатто қандайдир бир сабаблар билан қўшиқ куйлаш ҳуқуқини берувчи лицензия аталмиш “матоҳ”ни ҳам олиб қўйишди. Яқинларнинг сотқинлиги, кўнгил берганларининг бевафолиги, туҳматлар, ёмонликлар енголмаган эди... дард енгди. Шунча юкни кўтариб, яна Азизадай ёрқин санъаткор бўлишнинг ўзи бўладими? Ташқи қиёфасига қараб, “жуда манмансираган, ўзига ўта ишонган, такаббур аёл деб ўйлаб, адашганлар қанча. Азиза бошқаларнинг дардига бефарқ бўла олмайдиган, доим маслаҳатга, амалий ёрдамга тайёр мард аёл эди. Бошига иш тушган ҳеч кимни ташлаб қўймас эди. Ваҳоланки, омадингиз кетиб, ташвишга кўмилиб қолсангиз, энг яқин деб билган жон-жигарлар ҳам ўзини чеккага тортади, Азиза эса аксинча эди. Йиқилганни тепмасди. У билан ҳаётнинг ҳар ҳандай вазиятларида учрашганман. Кўрган, кузатган, билганларимни ёзаяпман. У қизиқмаган соҳа, қўлидан келмайдиган иш йўқ эди. Фақат ўзининг дардига даво тополмади-да.
 
Азиза билан мени кўп яхши хотиралар боғлаб туради. .Бир гал унинг дугоналари даврасига қўшилиб қолдим. Бир ҳафталар ўтиб, оёғим синиб қолди. Азиза дарҳол кўргани етиб келди. Мен унга қараб, оёғимга ишора қилдимда, “Лайлакни юришини қиламан деб, чумчуқнинг оёғи синиб қолди” дедим. Шунда у, “йў-ў-ўқ, сиз чумчуқ эмас, лайлакни ҳам овлайдиган бургутсиз, бургут”, деб росса кулди. “Уйингни бериб тур, телевидение учун фильм олаяпмиз” дедим гапнинг кетини совутмай. “Ана айтмадимми” деб кула-кула, “бемалол, келаверинг. Эшигим ТВ учун очиқ. Ижодкорларнинг уйимда ўтадиган кунлари менинг зиммамда”, деди. Очиғи хурсанд бўлиб кетдим. Чунки катта бир телелойиҳа устидаги иш анча кучимни олиб қўйган, ташкилотчилик масалалари оёғим синиб қолгани учун, анча оқсаётган эди. Шундай вазиятдан мени Азиза олиб чиқиб кетган ўшанда. Энг қизиғи, актриса келмай қолганида, қаҳрамонимизнинг онаси ролида ҳам Азизани ўйнатдик. У ролни бизга ваъда бериб, келмаган актрисадан ортиқ ўйнадики, кам эмас. Яна бир фильм олармиз деган ният бор эди. Армонлигича қолиб кетадиган бўлди энди.
 
Қарши шаҳрининг стадионида ташкил этилган концертда уни халқ қанчалик севишини, ардоқлашини ўз кўзим билан кўрганман. Республикамизнинг ҳамма нуқталарида бўлиб, ҳалққа меҳр бериб, хизмат қилган... концертлар берганини биламан. Лекин унга ҳатто мақтов ёрлиғи ҳам беришмаган. Майли, гап бунда эмас. Энди бу гаплардан фойда йўқ. Ўлим ҳақ, худонинг ҳукми. Буйсунмасдан иложимимз йўқ. Фақат болажонлари ҳали ёш эди-да. Минглаб одамларнинг яхши кунларида хизмат қилиб ўзининг фарзандларини яхши кунларини кўра олмай, уларни оёққа қўя олмай кетгани юрагимни эзади.
 
Ҳаётининг сўнгги кунларида учрашолмадик. “Соғайиб, чиройли бўлиб олай, кўришамиз” дерди. Унга қанча жавобсиз SMS’лар ёздим. Жавоб бера олишга кучи етмаса ҳам, ўқишини билардим. Мана, энди дийдор қиёматга қолди. Энди фақат дуодамиз”.скачать dle 12.1