Тошкентни “сув босишига” сабаб нима? – Ҳокимлик баёнот билан чиқди


Автор: Sevara / Дата: 14-05-2018, 18:23 / Просмотров: 134

Кеча сув тўпланиб, нафақат пиёдалар, балки автомобиллар ҳаракатланиш чекланди.
Тошкентда ёғадиган ёмғир кўп ҳолларда кун сайин чирой очиб бораётган пойтахтнинг доғларини юзага чиқаради. Кеча, 13 май куни ҳам шундай бўлди.
 
Тошкентда ёғган навбатдаги кучли ёмғир сабаб шаҳарнинг кўплаб қисмида, ҳатто, марказий кўчаларида кўлмаклар ҳосил бўлди. Сув тўпланиб, нафақат пиёдалар, балки автомобиллар ҳаракатланиш чекланди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимияти баёнот билан чиқди. Унда шундай дейилади:
 
 
“Савол туғилади, нима сабабдан бундай ҳолат юзага келади, уни бартараф этиб бўлмасмикин? Бунинг сабаблари кўп. Масалан ёмғир-қор сувларини тортиб кетишга мўлжалланган шаҳарнинг дренаж-лоток тизими жорий ҳолати табиат инжиқликлари олдида ожиз қолмоқда. Бунинг учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан узр сўрайди.
 
Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари режасига кўра бунёд этилувчи барча объектларини кузатган бўлсангиз коммуникациялари аниқ ўлчамларда олинади, биноларда барча шароитлар етарли бўлишига эришишдан ташқари, ободонлаштириш борасида ҳам зарур тадбирлар қилинади. Ана шунда ёмғир сувларига  мўлжалланган қувурлар бўлиши ва сув тўпланиб қолишининг олдини олиш алоҳида инобатга олинади. Бошқа ташкилот ва фуқаролар томонидан амалга оширилган бунёдкорликларда эса айнан шаҳар режасига кўра қурилган юзлаб ёмғир сувига  мўлжалланган қувурлар кўмиб юборилгани кузатилган. “Қош қўяман деб, кўзни чиқарди” деган мақолни айнан шундай ҳолатга нисбатан ишлатсак, ўринли бўлади. Негаки, улар гўёки атрофни обод қилган, лекин шу билан шаҳар инфратузилмасига сезиларли зиён етказган.
 
Юртимизда, хусусан пойтахтимизда баҳор ва куз ойларида ёғингарчилик кўп кузатилишини инобатга олсак, айни шу даврда баъзилар томонидан қилинган ўзбилармонликдан кўпчилик азият чекади. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳамда фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, шаҳар дренаж-лоток тизими объектларининг хақиқий ҳолатини ўрганиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида махсус ишчи гуруҳ тузилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибига тегишли туман ҳокимлиги, Ободонлаштириш бошқармаси, “Сувсоз” корхонаси ва ташаббускор шахслар экспертлар сифатида жалб қилиниб, юқорида кўрсатилган ҳолатларни келгусида такрорланмаслиги бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади ва бажарилиши таъминланади. Таклифларни ишлаб чиқишда дунёнинг йирик мегаполис шаҳарларида қўлланилган замонавий технологик ечимлар ўрганилади”.скачать dle 12.1